10 Aprel 2024, 09:24 Жаҳон

2024 йил март ойи ҳам кузатувлар тарихидаги энг иссиғи бўлди

Ўтган март ойи бутун дунё бўйлаб кузатувлар тарихидаги энг иссиқ март бўлди. Метеорологлар кетма-кет ўнинчи ой ойлик ҳарорат рекордини қайд этмоқда.

2024 йил март ойи ҳам кузатувлар тарихидаги энг иссиғи бўлди

2024 йил март ойи бутун дунё бўйлаб кузатувлар тарихида рекорд даражадаги энг иссиқ март бўлди. Бу ҳақда Европа иқлим хизмати Copernicus ҳисоботида айтилади. Кетма-кет ўнинчи ойдирки, ҳарорат бўйича янги жаҳон рекорди ўрнатилмоқда.

Copernicus маълумотларига кўра, февраль ойида сайёра юзасида ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 14,14 даражани ташкил этган — бу 1991 йилдан 2020 йилгача бўлган март ойларидаги ўртача кўрсаткичдан 0,73 даражага юқори. Бундан ташқари, бу 2016 йилнинг марти, яъни аввалги рекорд иссиқ ойга нисбатан ҳам 0,10 даражага кўп.

Охирги 12 ой давомидаги (2023 йил апрелидан 2024 йилнинг мартигача) глобал ўртача ҳарорат ҳам тарихдаги энг юқори кўрсаткичга чиқди. Ҳарорат 1850−1900 йиллардаги саноатгача бўлган даврга нисбатан 1,58 даража юқори бўлди.

«2024 йилнинг март ойида ҳаво ва денгиз юзаси ҳарорати бўйича қатор иқлим рекордлари давом этмоқда… Ҳаво исиб боришини тўхтатиш учун иссиқхона газларининг эмиссиясини тез суръатда камайтириш зарур», — деди Copernicus директори ўринбосари Саманта Берджесс.

Европадан ташқари Шимолий Америка, Гренландия, Шарқий Россия, Марказий Америка, Жанубий Американинг бир қисми, Африканинг кўп қисмлари, Австралиянинг жануби ва Антарктиданинг айрим қисмларида ўртачадан юқори ҳарорат қайд этилган.

Copernicusʼнинг таъкидлашича, Эль-Ниньо Тинч океанининг экваториал қисмида заифлашишда давом этган бўлса-да, денгиз ҳавосининг ҳарорати кўпинча ноодатий баланд даражада сақланиб қолган. Март ойидаги ўртача глобал денгиз юзаси ҳарорати 21,07 даражага етган — бу тарихдаги энг юқори ойлик кўрсаткич. Ўтган ой Антарктидадаги денгиз музлари даражаси ўртача кўрсаткичдан 20 фоиз паст бўлган.

Машҳур янгиликлар