Жанубий Кореядан Фарғонага тўғридан тўғри авиақатнов йўлга қўйилади
Инчхон шаҳридан авиарейсларни йўлга қўйиш масаласи якуний босқичда экани қайд этилди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация 27-30 март кунлари амалий ташриф билан Корея Республикасида бўлиб қайтди.
Тадбир дастурига кўра дастлаб вилоятимиз делегацияси аъзолари Инчхон шаҳрида бўлиб, шаҳар мери Ю Чон Бок ҳамда шаҳар расмийлари билан учрашув ўтказди.
Самимий мулоқот давомида биродарлашган ҳудудлар — Фарғона вилояти билан Инчхон шаҳри ўртасида иқтисодий-инвестицион алоқаларни ҳамда ижтимоий, маданий бошқа қатор соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ўзаро ҳамкорликнинг ривожланиши ўз ўзидан ҳудудлараро муносабатларни ҳам кучайтираётгани қайд этилди. Инчхон мери Ю Чон Бок таъкидлашича, Ўзбекистонда яшаётган этник корейслар ва Инчхонда фаолият кўрсатаётган 10 минг нафарга яқин ўзбекистонликлар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мулоқот чоғида ўртага ташланган Фарғона вилоятида Инчхон эркин иқтисодий зонаси филиалини ташкил этиш таклифи икки ҳудуд раҳбарлари томонидан маъқулланди. Шунингдек, Инчхон шаҳрида Фарғонага тўғри тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш масаласида олиб борилаётган музокаралар ниҳоий босқичда экани қайд этилди.
Келишувларни амалга ошириш бўйича Инчхон шаҳри мерининг ва Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосарлари бошчилигида Ишчи гуруҳ тузиш, ҳамкорлик натижаларини ҳар чорак якуни билан онлайн муҳокама қилиб боришга келишилди. Учрашувда Корея-Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси раҳбари Эдвард Ким ҳам иштирок этди.