6 Oktabr 2023, 12:05 Iqtisod

Жаҳон банки Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш прогнозини яхшилади

Россиядан пул ўтказмалари камайиши туфайли истеъмол ўсиши пасаяди. Камбағаллик даражаси бироз қисқаради.

Жаҳон банки Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш прогнозини яхшилади

Жаҳон банки Ўзбекистонда жорий ва келаси йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини яхшилади. Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиёти бўйича 5 октябр куни эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 2023 йилда 5,5 фоизга яқинлашиши (июн ойидаги прогнозга нисбатан +0,4 фоиз пункти) ва ўрта муддатли истиқболда аста-секин тезлашиб, 2024 ва 2025 йилларда мос равишда 5,8 фоизни ташкил этиши мумкинлиги айтилган.

2023 йилда истеъмол даражаси ўсиши камаяди, бу Россиядан пул ўтказмалари ҳажмининг пасайиши билан боғлиқ. Жорий йилда импорт ўсиши тезлашиши кутилмоқда. Иқтисодиётни модернизация қилиш суръатларини сақлаб қолиш учун унинг ҳажмлари ўрта муддатли истиқболда ўсишда давом этади.

Пул ўтказмалари қисқариши билан мамлакатнинг жорий тўлов баланси камомади биринчи ярим йилликда 6,3 фоизга етди ва ўсишда давом этади. Энергетика соҳасига юқори харажатлар, давлат секторида таълим, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларга кўпроқ харажатлар ҳамда бюджет даромадларининг камайиши ҳисобига 2023 йилда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 5 фоизигача ошиши кутилмоқда.

Прогнозга кўра, 2023 йилда инфляция даражаси 10,2 фоиз (2022 йилда – 11,4 фоиз), 2024 йилда – 10 фоиз ва 2024 йилда – 9,9 фоизни ташкил этади. Ҳукумат ўрта муддатли истиқболда бюджетни консолидациялаши, бюджет тақчиллигини 2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизигача, 2025 йилда эса 3,6 фоизигача камайтириши кутилмоқда. Бу давлат корхоналари учун солиқ имтиёзларини қисқартириш, энергия субсидиялари таннархини пасайтириш, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштиришдан молиявий тушумларнинг кўпайиши билан боғлиқ бўлади.

Ҳукумат, шунингдек, ташқи қарз олиш бўйича ўз чекловларига риоя қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, давлат қарзи 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 36 фоизигача ўсди ва 2024 йилда 36,6 фоизни ташкил этади. Ҳукуматнинг ижтимоий ҳимоя дастурлари кенгайганига қарамай, пул ўтказмалари ва шахсий истеъмол ўсишининг секинлашиши камбағалликни камайтиришда кутилаётган ютуқларни чеклаши мумкин. 2023 йилда камбағаллик даражаси бироз пасаяди – 13,9 фоизгача.

Ушбу истиқболга салбий таъсир кўрсатадиган хатарлар орасида Россиядаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши, юқори ташқи инфляция босими ва кутилганидан қаттиқроқ глобал молиявий шароит бор. Иқтисодиёт учун потенциал ижобий тенденциялар қаторига олтин, табиий газ ва мисга жаҳон нархларининг юқорилиги (Ўзбекистон ушбу товарлар экспортчиси ҳисобланади), шунингдек, таркибий ўзгаришлар натижасида иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқаришнинг тезроқ ўсиши киради.

Жорий йилда Марказий Осиёда ўсиш суръати 4,8 фоизгача тезлашиши кутилмоқда, инфляция секинлашиши ҳисобга олинса, 2024 ва 2025 йилларда ўсиш ўртача 4,7 фоизни ташкил этиши мумкин. Савдо ҳажмининг ўсиши, пул оқимларининг кўпайиши ва фуқароларнинг қайтиши бир қатор мамлакатларда, айниқса Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатларида иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашда давом этди. Арманистон, Гуржистон ва Тожикистон кетма-кет иккинчи йил бу минтақада иқтисодий ўсиш бўйича етакчи бўлиб қолмоқда.

Mashhur yangiliklar