10 Yanvar 2024, 18:09 Iqtisod

Жаҳон банки: Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 5,5 фоизга ўсди

Мутахассислар Яқин Шарқдаги ва Украинадаги урушлар ҳамда Хитойда иқтисодий ўсишнинг янада секинлашиши каби омилларни Марказий Осиё иқтисодиёти учун таҳдидлар сифатида санаб ўтди.

Жаҳон банки: Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 5,5 фоизга ўсди

Жаҳон банки «Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари» ҳисоботининг навбатдаги сонини эълон қилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, Европа ва Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 2022 йилдаги 1,2 фоиздан 2023 йилда 2,7 фоизгача ошган. Ўсишнинг тезлашишига ички талабнинг кенгайиши, меҳнат бозоридаги барқарор вазият ҳамда Россия ва Украинадаги янгиланган ўсиш сабаб сифатида келтирилган.

Бироқ Россия, Украина ва Туркияни ҳисобга олмаганда, ўтган йилда ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш 1,8 фоиз даражасида сезиларли секинлашган. Хусусан, секинлашув минтақа иқтисодиётларининг 78 фоизига таъсир кўрсатган.

Евроҳудуддаги заиф ташқи талабнинг таъсири сабабли пасайиш Марказий Европа (ўсиш — 0,7 фоиз) ва Ғарбий Болқонда сезиларли даражада бўлган. Шунингдек, иқтисодий ўсиш Жанубий Кавказда ҳам секинлашган, лекин Марказий Осиёда тезлашган. Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистонда талабни қўллаб-қувватлашда пул ўтказмалари оқими муҳим роль ўйнаган.

Шарқий Европада ҳам иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ижобий динамикага қайтган. Украинада ўсиш суръати 4,8 фоизни ташкил этган. Аммо мамлакатнинг 2023 йилдаги ишлаб чиқариш ҳажми урушдан олдинги даражадан 30 фоиз пастроқ кўрсаткичда қолган. Минтақада энергия ва озиқ-овқат нархлари босимининг пасайиши ортидан инфляция секинлашган, аммо рақамлар аксарият мамлакатларда мақсадли кўрсаткичлардан юқори бўлиб қолмоқда.

Mashhur yangiliklar