5 May 2023, 09:14 Iqtisod

Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга 50 млрд сўм ажратилди

2023 йил учун маҳаллий авиақатнов йўналишларини субсидиялаш учун қўшимча маблағ йўналтирилади.

Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга 50 млрд сўм ажратилди

Шавкат Мирзиёев 4 май куни «Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2023 йил учун Давлат буджетидан маҳаллий авиақатнов йўналишларини субсидиялаш учун қўшимча 30 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Белгиланишича, Транспорт вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда рейсларни уларнинг бандлигидан келиб чиқиб субсидиялаш механизмларини аниқлайди.

Қарор билан 2023 йил 1 майдан бошлаб:

  • 2024 йил 1 июлга қадар тажриба тариқасида туроператор хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига улар томонидан 5 нафар ва ундан ортиқ норезидентларга хизматлар кўрсатишни назарда тутувчи турпакетлар (жойлаштириш, автомобиль ёки темир йўл транспорти, экскурция ва овқатланиш бўйича хизматлар қамраб олинган) бўйича чет эллик ҳамкорларига тақдим этилган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қўшилган қиймат солиғининг 20 фоиз миқдоридаги маблағлар республика буджетидан субсидия сифатида қайтарилади;
  • 2026 йил 1 майга қадар маҳаллий туроператорлар, туризм соҳасида жойлаштириш хизматларини кўрсатувчи ёки автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятида йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчи билан бирга ўн ва ўндан ортиқ ўриндиққа эга бўлган ҳамда ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган транспорт воситаларини Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 12 ой муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Маданият ва туризм вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу бандда назарда тутилган тартибларнинг ўз вақтда жорий этилишини таъминлайди. Ўзбекистоннинг туризм маҳсулотини хорижий туризм бозорларида тарғиб қилишга 2023 йилда 50 миллиард сўм ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинади.

Mashhur yangiliklar