12 Mart 2024, 09:56 Iqtisod

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан буён яна 2,37 млрд долларга камайди, маблағнинг бир қисми евробондларни тўлашга йўналтирилди

Олтиннинг физик ҳажми ўзгармаган, аммо олтин ва валюта захираларининг қиймати пасайган. Маблағлар ҳисобидан 500 млн долларлик евробондлар сўндирилган.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан буён яна 2,37 млрд долларга камайди, маблағнинг бир қисми евробондларни тўлашга йўналтирилди

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил 1 март ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг расмий захира активлари январь ва февраль ойларида 2,37 миллиард долларга камайган ҳолда 32,19 миллиард долларни ташкил қилди.

«Газета.uz» аввалроқ МБ олтин-валюта захиралари тўғрисидаги январь ойи учун маълумотларни эълон қилишни кечиктираётгани ҳақида хабар берганди. Энди эса МБ бирданига икки ойлик маълумотларни тақдим этмоқда.

Регулятор маълумотларига кўра, январь ойида валюта захиралари 1,44 миллиард долларга, февралда эса яна 381,5 миллион долларга камайган. Умумий пасайиш 1,82 миллиард долларни ташкил қилган — миқдор 7,55 миллиард долларгача тушган. Бу 2023 йил сентябридан (ўшанда кўрсаткич 7,39 миллиард доллар билан 2013 йилдаги рекорддан кейинги минималгача тушганди) кейинги энг минимал кўрсаткич ҳисобланади.

Олтиннинг физик ҳажми дастлаб 0,3 миллион трой унцияга (9,3 тонна) ошди, кейин эса худди шундай ҳажмга камайди. Натижада 11,9 миллион трой унция қимматбаҳо металл (370,1 тонна) захирада қолди, бироқ олтин захирасининг қиймати 535,4 миллион долларга камайди.

Январь ойида олтин нархи 2076 доллардан 2066 долларга, февраль охирида эса 2059 долларга тушганди. Аммо март ойида унинг нархи ўзининг тарихий рекордини бир неча бор янгилади ва унция учун 2200 долларлик даражага яқинлашмоқда.

Марказий банк халқаро захираларнинг қисқаришини «мавсумий тус» билан изоҳламоқда, бу «одатда январь-февраль ойларида кузатиладиган тенденция ҳисобланади». Шу билан бирга, ўтган йиллардаги маълумотлар ўрганилса, 2022−2023 йилларнинг дастлабки икки ойида захиралардаги кўпайиш ва камайишлар сезилмас даражада бўлганини кўриш мумкин. Бу динамикага, регуляторнинг фикрича, 2019 йилда муомалага чиқарилган суверен Евро облигациялар бир қисмининг сўндирилиши ҳам таъсир кўрсатган. Хусусан, 20 февраль куни Ўзбекистон 500 миллион долларлик евробондларни тўлаши керак эди.

Mashhur yangiliklar