Ўзбекистонга маиший техника олиб киришда антидемпинг божлари жорий этилиши мумкин
Унинг ҳажми тахминан 10 фоиз бўлиши кутилмоқда. Электротехника соҳасида фаолият юритувчи йирик корхоналар ва экспортчиларни «ваколатли иқтисодий операторлар» рўйхатига киритиш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистонга маиший техника импорти учун антидемпинг божлари қўлланиши мумкин. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги ҳукумат комиссиясининг 25 декабрдаги 118-сонли мажлиси баённомасида кўзда тутилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмасига икки ой муддатда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, маиший техника воситаларини Ўзбекистонга импорт қилишда махсус божхона божларини (антидемпинг божлари — ўртача 10 фоизлик) жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.
Антидемпинг божи — ишлаб чиқарувчи мамлакатнинг ички нархларидан паст нархларда, яъни демпингдан фойдаланган ҳолда импорт қилинадиган товарлар учун қўшимча бож. Ундан Ўзбекистонга қарши ҳам фойдаланилган. Масалан, 2022 йилнинг февраль ойида Евросиё иқтисодий комиссияси ҳайъати Ўзбекистондан полиэтилен импорт қилишда беш йил муддатга шу божни 20,3 фоизлик қийматда қўллаган эди. ЕИК, шунингдек, Хитой юк автомобиллари шиналари учун ҳам божхона қийматининг 14,79 фоиздан 35,35 фоизгача бўлган миқдорида антидемпинг божини белгилаган. Европа комиссияси Хитойнинг чоксиз қувурлари ва аллюминли прокатларига 29,2−54,9 фоиз даражасида шу турдаги божлар киритган.
Баённома билан, шунингдек, Божхона қўмитасига республикада ишлаб чиқариши ўзлаштирилган электротехника ва электромаиший маҳсулотлар импорти учун божхона тўловларини ҳисоблашда хос ставка методи қўлланиши (фоиздаги асосий ставкадан ташқари, миқдор учун ҳам ставка қўлланади, масалан, ойнали кондиционерлар/сплит-тизимларни импорт қилиш учун нархнинг 30 фоизи миқдорида ставка қўлланади, лекин бу маҳсулотнинг ҳар бир донаси учун 50 доллардан кам бўлмаслиги керак) устидан назоратни зиммасига олиш буюрилди.