14 Yanvar 2024, 12:48 Iqtisod

Ўзбекистонга маиший техника импорт қилишда ишлаб чиқарувчининг дилери бўлиши шартлиги белгиланди

Вакиллар ва дилерлар маҳсулотларнинг «сифати, хавфсизлиги ҳамда сервис кафолатини таъминлайдиган ва мижозларга хизмат кўрсатадиган» бўлиши керак.

Ўзбекистонга маиший техника импорт қилишда ишлаб чиқарувчининг дилери бўлиши шартлиги белгиланди

Ўзбекистонда 2024 йил 1 февралдан бир қатор электротехника маҳсулотларини олиб киришда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакиллари ёки расмий дилерлари бўлиши шарт. Бу президентнинг 10 январдаги «Электротехника саноатини ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Вакиллар ва дилерлар ушбу маҳсулотларнинг «сифати, хавфсизлиги ҳамда сервис кафолатини таъминлайдиган ва мижозларга хизмат кўрсатадиган» бўлиши керак.

Ушбу рўйхатга қуйидагилар киради:

  • алюмин радиаторлар;
  • сув иситиш қозонлари;
  • сув иситкичлар;
  • буғ қозонлари;
  • чангюткичлар;
  • кир ювиш машинаси;
  • совиткич ва музлаткичлар;
  • телевизор ва монитор;
  • маиший газ печи;
  • духовка ва печка;
  • микротўлқинли печ, дазмол ва сув иситкич;
  • кондиционер;
  • сув насослари.

«Ўзэлтехсаноат» сайтида ассоциация аъзолари сифатида Ўзбекистондаги 31 та электротехника буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, жумладан, Polaris Technologies, Quality Device, Future Industry Systems, Quality Electronics, Techno Continental, Next Generation Product (айрим корхоналар тугатилиб, бошқа номда очилган, бироқ уларнинг таъсисчилари Artel Electronics номи остида бўлган ёки кўрсатилган), Biss Electronics System (Қаршидаги S Smart телевизорлар ишлаб чиқарувчи), Sam-Ferri (Femas бренди остида маиший техника, Kleo музлаткичлари ва совиткич ускуналари ва бошқалар ишлаб чиқаради) ва бошқалар кўрсатилган.

Mashhur yangiliklar