4 Avgust 2023, 20:41 Iqtisod

Ўзбекистондан 80 та давлатга 180 хил мева-сабзавот экспорт қилинмоқда

Фарғонада Жаҳон банки, ЕИ ва бошқалар ҳамкорлигида ташкил этилган Мева-сабзавотчилик II форумида Ўзбекистондан 80 та давлатга 180 хил мева-сабзавот экспорт қилинаётгани айтилди.

Ўзбекистондан 80 та давлатга 180 хил мева-сабзавот экспорт қилинмоқда
Фото: ЎзА

Фарғонада 4 август куни Ўзбекистонда Мева-сабзавотчилик II форуми ташкил этилди.

Мазкур форум Жаҳон банки ва Европа иттифоқи, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ҳамда Annexure Financial Solutions компанияси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда мева ва сабзавотлар етиштирувчилар, фермерлар, экспортчилар, соҳа олимлари ва мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ижроси, мамлакатда мева-сабзавотчилик соҳасидаги етиштириш, маркетинг сотиш ва экспорт масалаларида олиб борилаётган ишлар ва натижалар юзасидан фикр алмашиш мақсадида ташкил этилди. Форум мобайнида айни вақтгача Ўзбекистондан 180 хил мева-сабзавот маҳсулотлари 80та давлатга экспорт қилинаётгани айтиб ўтилди. Жумладан, 2022 йилда 1,6 млн тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон мева-сабзавотчилиги селекцияси ва уруғчилигининг ҳозирги ҳолати, яъни илмий тадқиқот институтлари ва хусусий селекция масканлари, Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Давлат нав синаш маркази, карантин инспекцияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг фаолияти, уруғчилик ва кўчатчиликни таҳлил қилиш, бирламчи ва нав уруғчилиги йўналишларини ривожлантириш, Сертификатлаш тизимини жорий этиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш каби долзарб муаммолар муҳокамалар марказида бўлди.

Бундан ташқари, соҳа олимлари ва экспертлари томонидан қатор долзарб мавзуларда таҳлилий таклифлар билдирилди. Жумладан, «Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик маркетинги бўйича техник кўмак» лойиҳаси эксперти, бош маркетолог Ҳусан Ҳайдаровнинг «Мева ва сабзавот маҳсулотларни Германия бозорига экспорт қилиш» бўйича тайёрлаган тақдимотида Ўзбекистондан Германияга айни вақтгача асосан қуритилган сабзавотлар, сабзи, қовун ва майиз каби маҳсулотлар асосий экспорт қилингани, ваҳоланки, мамлакатда етиштирилаётган хўл мевалардан гилос, ўрик, нок, шунингдек, қуритилган ўрик, дуккаклилардан мош ва ловияларга ҳам Европа бозорида талаб борлиги маълум қилинди.

Mashhur yangiliklar