6 Noyabr 2023, 08:15 Iqtisod

Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартириш киритилади

Норезидент жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги маблағларини республика ҳудудида қонуний йўл билан топилганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар асосида ҳам банк кассасига қабул қилиш мумкинлигини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартириш киритилади

«Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Марказий банк бошқаруви қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасида Ўзбекистонда резидентлар ва норезидентлар томонидан валюта операцияларини амалга ошириш тўғрисидаги қоидаларни соддалаштириш ва айрим тушунчаларга янада аниқлик киритиш билан боғлиқ айрим таҳририй ва техник ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда.

Хусусан:

қоидалар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган норма ва талаблар билан мувофиқлаштириш мақсадида тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда;

қоидалар резидентлар ва норезидентлар томонидан фақат валюта операцияларини амалга ошириш тартибини белгилашидан келиб чиқиб, норезидентлар томонидан миллий валютадаги ҳисобварақлардан қонунчиликда белгиланган тартибда мустақил равишда фойдаланилиши белгиланмоқда;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиб олишда хизмат кўрсатувчи банкларга тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар аниқ белгилаб қўйилмоқда;

Ўзбекистон банкларидан олинган чет эл валютасидаги кредитлар (лизинглар) бўйича қарздорликларни ёпиш учун тегишли ҳисобварақларга ўтказилган миллий валюта маблағларини (банкларнинг мижозлардан ундирилган маблағларни) конвертация қилиш ва мижозларнинг чет эл валютасидаги қарзларини ундириш банклар томонидан мустақил равишда амалга оширилиши белгиланмоқда;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим қилинган буюртмаларни тижорат банклари томонидан кўриб чиқилишини янада қулайлаштириш мақсадида, тақдим этиладиган буюртмаларни хизмат кўрсатувчи банк филиали томонидан дастлабки назоратдан ўтказиш, агар яққол камчиликлар мавжуд бўлса уларни бартараф этиш учун мижозларга қайтариш механизми амалиётга жорий қилинмоқда;

норезидент жисмоний шахсларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида уларнинг чет эл валютасидаги маблағларини республика ҳудудида қонуний йўл билан топилганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар асосида ҳам банк кассасига қабул қилиниши мумкинлигини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда;

фойдаланувчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида қоидаларнинг турли бандларида белгиланган банк кассаларидан нақд чет эл валютасини бериш тартиби умумлаштирилган ҳолда, алоҳида банд сифатида киритилмоқда.

Mashhur yangiliklar