15 Fevral 2023, 14:03 Iqtisod

Ўзбекистонда «Onix» автомобилини серияли тарзда ишлаб чиқариш бошланди

Chevrolet Onix Premium ҳам тақдим этилди. Унда климат контроль, люк, орқа ўриндиқ иситиш тизими каби қулайликлар бўлади.

Ўзбекистонда «Onix» автомобилини серияли тарзда ишлаб чиқариш бошланди

Асака шаҳридаги UzAuto Motors заводида «Chevrolet Onix» автомобили оммавий ишлаб чиқарилиши бошланиши тантанали равишда нишонланди.

Янги «Onix» «Chevrolet Tracker» каби GM GEM (General Motors Global Emerging Markets) платформасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 427,6 млн доллар миқдорида инвестициялар киритилган. «Chevrolet Onix» автомобили ишлаб чиқариш 50 фоизгача маҳаллийлаштирилган, йил охирига қадар эса 70 фоизга етказилиши кўзда тутилган.

«UzAuto Motors Powertrain» корхонасида автомобилларнинг двигателлари ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг натижасида «Chevrolet Onix» ва «Tracker» автомобиллари учун маҳаллийлаштириш даражасининг умумий фоизи оширилади. Бундан ташқари, «UzKoram-Co» МЧЖ корхонасида «Chevrolet Onix» ва «Tracker» автомобиллари учун ён ойналар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Қайд этилишича, «UzAuto» тузилмаси корхоналарида маҳаллийлаштириш дастури доирасида замонавий двигатель совутиш тизимига эга радиаторлар, автомобилларни бошқариш функцияларига эга кўп функцияли руль ва хавфсизлик ёстиқчаси, шунингдек, фақатгина 3 та жаҳон ишлаб чиқарувчилари томонидан қўлланиладиган ноёб технологиядан фойдаланган ҳолда замонавий ва хавфсиз пластик газ баклари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Автомобиллар комплектациясига қараб 2 турдаги двигатель билан тақдим этилади:

  • 1,2 литрли 132 от кучига эга турбо двигатель ҳамда 6 поғонали автомат узатмалар қутиси билан жиҳозланган;
  • 1,2 литрли 90 от кучига эга атмосферали двигатель 5 поғоналик механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган.

Автомобиль 10,9 сонияда 100 км/соат тезликка эришади, шу билан бирга аралаш циклда 100 км учун фақат 5,9 л ва шаҳар ташқарисидаги йўлда 4,7 л сарфлайди. 4LT комплектациясида базавий опцияларидан ташқари автомобилга калитсиз кириш смарт калит (key) ва ёқиш старт/стоп тизими, круиз контроль билан таъминланган. Автомобиль иситиш тизимига эга чарм қопламали руль ва юқори сифатли мато қопламали спорт услубидаги ўриндиқлар билан жиҳозланган, шунингдек салонда симсиз қувватлаш тизими мавжуд.

Mashhur yangiliklar