26 Yanvar 2023, 10:15 Iqtisod

Ўзбекистонда моддий ёрдамга муҳтож оилаларнинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади

Бунда «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти тузилади.

Ўзбекистонда моддий ёрдамга муҳтож оилаларнинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади

Шавкат Мирзиёев 25 январь куни ўтказган йиғилишда туманларда камбағалликни қисқартириш ишларини янгича ташкил қилиш кераклиги ҳақида гапирди.

1 январдан Ўзбекистондаги барча — 208 та туман ва шаҳар иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилганди. Тоифага қараб бу туманларга солиқ имтиёзлари, субсидия ажратиш тартиби ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланади.

Йиғилишда 4 ва 5-тоифаларга кирган оғир туманлар ҳокимлари ўз иш услублари ва ёндашувларини ўзгартириши шартлиги қайд этилди. Шу билан бирга, ушбу туманларда камбағалликни қисқартириш ишлари ҳам янгича ташкил қилинади.

Бунда биринчи босқичда «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» ягона тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади. Иккинчи босқичда ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар тузилади. Оила учун касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев маҳалладаги ишсиз аҳолини даромадли қилиш мақсадида 1 апрелга қадар ҳар бир вилоятда камида 5 тадан микромарказни ишга тушириш зарурлигини таъкидлади. Ғиждувон, Булоқбоши, Зангиота, Фарғона туманлари, Қўқон, Марғилон, Урганч шаҳарларида камида 20 тадан шундай марказларни ташкил қилиш топширилди.

Mashhur yangiliklar