1 Fevral 2023, 17:25 Iqtisod

Ўзбекистонда метан заправкалар фаолияти 2 февралдан тикланади

АГТКШларнинг фаолият юритиш вақти ҳудудлар шароитидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Ўзбекистонда метан заправкалар фаолияти 2 февралдан тикланади

Ўзбекистонда 2 февралдан бошлаб барча ҳудудлардаги АГТКШлар фаолияти босқичма-босқич тикланади.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, бугунги кунда газ қувурларида босимнинг меъёрга келиши натижасида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан бир маромда таъминлаш имкони яратилмоқда.

Шу сабабли, жорий йил 2 февралдан бошлаб маҳаллий ҳокимликлар томонидан тақдим этилган рўйхат асосида АГТКШлар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади. АГТКШларнинг фаолият юритиш вақти ҳудудлар шароитидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган тарзда амалга оширилади.

«Ҳурматли ватандошлар! АГТКШлар фаолиятидаги вақт чекловлари газ қувурларида босимнинг кўтарилиб боришига мос равишда ўзгартириб борилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 30 январдан айрим заправкалар куннинг маълум бир қисмида ишлай бошлаган. Республика бўйича АГТКШлар фаолияти икки кун ичида тикланиши кутилаётганди.

Mashhur yangiliklar