Ўзбекистонда ёшга доир пенсияларни фуқароларнинг мурожаатисиз тайинлаш тартиби жорий этилади
2025 йил 1 мартдан бошлаб пенсия тайинлашда фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.
Ёшга доир пенсияларни фуқароларнинг мурожаатисиз тайинлаш тартиби жорий қилинади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, пенсия таъминоти тизимига ахборот технологияларини фаол жорий қилиш орқали фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар босқичма-босқич интерактив ва проактив шаклга ўтказилмоқда.
Ушбу йўналишда хизмат кўрсатишда қулайликларни яратиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга пенсия тайинлашни сўраб қўшимча равишда давлат хизматлари марказига ташриф буюрган ҳолда ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган.
Шунингдек, 2025 йил 1 мартдан бошлаб пенсия ёшига етган фуқароларга пенсиялар автоматик тарзда, яъни ҳеч қандай ҳужжат талаб этмаган ҳолда ҳамда фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади. Бунда фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар (ёши, жинси, иш стажи, иш ҳақи, тўланган ижтимоий солиқ суммаси ва оила таркиби кабилар) вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.