Ўзбекистонда ёш оилалар даромадининг кўпроқ қисмини қарз тўлашга сарфлаши маълум бўлди
Мамлакатнинг инсонларнинг даромадлари 30 ёшгача тез ўсиши, 60 ёшдан сўнг кескин пасайиши аниқланган.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда инсонларнинг ҳаёт цикли давомида истеъмол харажатлари ва даромадлари ўзгариш хусусиятлари ҳамда қарз муносабатларига киришиш ҳолатини таҳлил қилди.
Барқарор даромад ва истеъмолнинг ҳаёт цикли гипотезасига кўра, рационал инсонлар даромади паст бўлган (болалик ва ёшлик) даврида етарли даражада истеъмолни таъминлаш (таълим харажатларини қоплаш, уй ва уй жиҳозлари) учун (ота-она, давлат ва жамиятдан) муддатли қарз олади. Кейинчалик даромади нисбатан баланд бўлган ўрта ёшларда қарзини қайтаради, кейинги авлодга қарз беради ва ортганини кексаликка жамғаради, кекса ёшида эса қолган жамғармаларини истеъмол қилади.
Ўзбекистонда ҳам барқарор даромад ва истеъмолнинг ҳаёт цикли гипотезаси ишлаши аниқланди; унга кўра, инсонларнинг даромадлари 30 ёшгача тезлик билан ўсади, энг юқори нуқтаси тахминан 30−50 ёш оралиғида сақланиб туради ва 60 ёшдан сўнг кескин пасаяди. Бу ўз навбатида, даромад ва истеъмол орасидаги фарқ қарз олиш орқали компенсация қилиниши заруратини мавжудлигини билдиради.
Ўзбекистонда аҳоли ўртасида ўтказилган сўров (450 киши) натижаларига кўра, ёш оилалар (оила боқувчиси ёши ўртача 38 ёш) бошқа оилаларга нисбатан (оила боқувчиси ёши ўртача 49 ёш) даромадининг кўпроқ қисмини қарз тўлашга сарфлаётганини маълум қилган. Бу юқоридаги назарий қарашга (барқарор даромад ва истеъмолнинг ҳаёт цикли гипотезаси) мос келади. Бунда, респондентларнинг 18 фоизи маиший техника, 22 фоизи уй-жой, 13 фоизи автомобиль, 10 фоизи ўқиш шартнома тўлови, 11 фоизи телефон учун қарз олгани маълум бўлди. Қолган 34% респондентлар қарзи йўқлигини билдирган. Шундан, 18% респондентларда ўз жамғармалари мавжуд.