Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9 фоизга қисқарди
Лекин меҳнатга лаёқатли аҳолининг бир миллиондан ортиғи ишсиз қолмоқда.
Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг бир миллион нафардан ортиғи ишсиз қолмоқда. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев маълум қилди.
Хабарга кўра, вазир «Ўзбекистонда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш мақсадида муносиб меҳнатни илгари суриш» мавзусидаги халқаро конференцияда ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 2 миллион 200 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланганини таъкидлаган. Бироқ бугунги кунда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,3 миллиони ишсиз қолмоқда.
«Мамлакатимизда камбағалликни камайтириш ва бандликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим – ҳоким ёрдамчилари институти ташкил этилди. Ҳозирда республикадаги мавжуд маҳаллаларда 10 минг нафарга яқин ҳоким ёрдамчилари фаолият юритиб, улар тадбиркорликни ривожлантириш бўйича хизмат кўрсатмоқда. Ҳоким ёрдамчилари орқали субсидиялар ажратиш, иш билан таъминлаш, касбий тайёргарликка жалб қилиш ва бизнес юритиш кўникмалари орқали қарийб 2,2 миллион кишининг бандлиги таъминланди», — дейди камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев.
Қайд этилишича, айни пайтда республика бўйлаб фаолият кўрсатаётган 26 та «Ишга марҳамат» мономаркази, 53 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 539 та касб-ҳунар маркази, маҳаллалардаги ўқув марказлари орқали меҳнат бозорида талаб катта бўлган 70 дан ортиқ касб бўйича ишсиз фуқароларга таълим берилмоқда. Республикада ишсизлик даражаси 8,9 фоизга туширилган. Қашшоқлик даражаси кўрсаткичи 17 фоиздан 14,1 фоизга камайган. Ўзбекистонда қашшоқлик даражасини 12 фоизгача камайтириш режалаштирилган.