17 Aprel 2023, 12:36 Iqtisod

Ўзбекистонда ички йўлларни таъмирлаш бўйича лойиҳага старт берилди

Фуқаролар ўз таклифларини 27 апрелгача «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали киритишлари керак.

Ўзбекистонда ички йўлларни таъмирлаш бўйича лойиҳага старт берилди

«Очиқ бюджет» ахборот порталида «Менинг йўлим» лойиҳасининг 2023 йилги мавсумига 17 апрелдан старт берилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50 фоиз қисмини фуқаролар фикри асосида йўналтиришини таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Менинг йўлим» лойиҳасининг жорий йилги мавсуми учун 312 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида таклиф киритиш жараёни 27 апрель санасига қадар давом этади. Киритилган таклифлар учун овоз бериш жараёнлари 28 апрелдан 7 майга қадар ўтказилади.

«Менинг йўлим» лойиҳаси нима?

Вазирлар Маҳкамасининиг 2022 йил 2 февралда «Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 49-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорга асосан бюджет маблағлари сарфланишида фуқаролар иштирокини янада ошириш ва мамлакатдаги мавжуд ички йўллар сифатини яхшилаш мақсадида 2022 йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар буджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилиши қатъий белгилаб қўйилган. Бу тизим «Ташаббусли бюджет» жараёнларидан фарқли ўлароқ бир йилда бир маротаба ўтказилади.

Ушбу жараёнлар бевосита «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали амалга оширилади, бунда, ахборот порталига ички йўлларнинг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номлари, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотлари тўлиқ киритилади ҳамда фуқаролар ички йўллар реестридан геомаълумотлар асосида тегишли ички йўлни танлаш орқали ўз таклифларини қолдириш имкониятига эга бўлади.

Mashhur yangiliklar