Ўзбекистонда бир ҳафта ичида пиёз нархи икки баробар пасайди
Бу ички бозорда ушбу маҳсулотни етказиб бериш ҳажми кескин ошгани билан изоҳланмоқда.
Ўзбекистонда охирги ҳафтада янги ҳосил пиёзининг улгуржи нархлари 2 баробар пасайган, бу ички бозорда ушбу маҳсулотни етказиб бериш ҳажми кескин ошгани билан изоҳланади.
Нархлар мониторингига кўра, 14 апрелдан 21 апрелга қадар янги ҳосил пиёзининг ўртача улгуржи нархи 1 килограмм учун 8000 дан 4000 сўмга пасайган ва жорий ўртача улгуржи нарх 2022 йилнинг худди шу санасида қайд этилган даражага тенг бўлган.
«Агар ушбу маҳсулот нархлари ҳафталик мониторинг олиб бориладиган бошқа мамлакатлар билан солиштирилса, Ўзбекистонда янги пиёз ҳосилининг ўртача улгуржи нархи Грузияга (0,99 доллар/кг) нисбатан 2,8 баробар паст, лекин Тожикистонга (0,27 доллар/кг) нисбатан 30 фоизга юқоридир», — дейилади хабарда.
Охирги ҳафта ўтган йилги пиёзнинг улгуржи нархлари ҳам пасайган, бу Ўзбекистон ички бозорида янги ҳосил пиёзи бўйича таклиф кескин ошгани ўтган йилги пиёз нархига таъсир кўрсатаётгани билан изоҳланади. 14 апрелидан 21 апрелига қадар ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1 килограмм учун 6000 дан 5000 сўмга пасайган. Шу билан бирга, ўтган йилги пиёзнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан қарийб бир ярим баробар юқори.