Ўзбекистонда 3 йил ичида 15 трлн сўм ипотека кредити ажратилди
Биргина 2022 йилда 37 418 нафар фуқарога 8,5 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича ажратилган ипотека кредитлари ва уларга тўланган субсидиялар доирасида 2022 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Янги тартиб доирасида ажратилган кредитлар
Қайд этилишича, янги тартиб билан 2020—2022 йилларда 67 947 нафар фуқарога 15,1 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган.
2020 йилда жами 1,7 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган бўлса, 2021 йилда кредитлар миқдори 3,1 триллион сўмга ошиб 4,8 триллион сўмни ташкил этган.
2022 йилда 37 418 нафар фуқарога 8,5 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Ушбу кўрсаткичлар 2021 йилнинг мос даврига нисбатан сони бўйича 1,7 баробар, (14 816 фуқаро), миқдори бўйича 1,8 баробарга (3,7 триллион сўм) ортган.
Ипотека кредитлари бўйича тўланган субсидиялар
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун давлат буджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўлаш механизми жорий этилган.
2020—2022 йиллар давомида ипотека кредити бўйича фуқароларга 1,2 триллион сўм субсидиялар ажратилган. 2020 йилда жами 65,8 миллиард сўм субсидиялар тўланган бўлса, 2021 йилда 238,9 миллиард сўмга ошиб, 304,7 миллиард сўмни ташкил этган.
2022 йилда фуқароларга 854,4 миллиард сўм субсидиялар тўлаб берилган бўлиб, шундан 17 293 нафар фуқарога бошланғич бадал тўловини бир қисмини қоплашга 514,5 миллиард сўм, фоиз тўловининг бир қисмини қоплашга 28 090 нафар фуқарога 339,9 миллиард сўм субсидиялар тўланган. Ушбу кўрсаткичлар 2021 йилнинг мос даврига нисбатан миқдори бўйича 2,8 баробарга (549,8 миллиард сўм) ортган.