Ўзбекистонда 2026 йил охиридан ҳашаматли сайёҳлик поезди қатнови йўлга қўйилади
У 2026 йил охиридан бошлаб Тошкент−Самарқанд−Бухоро−Хива йўналишида ҳаракатлана бошлайди.
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ҳамда Италиянинг Arsenale компанияси ўртасида сайёҳлик поездни ишлаб чиқиш ва қуриш бўйича уч томонлама келишувга эришилди.
Ҳужжат Самарқандда бўлиб ўтаётган ЮНВТО Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасида имзоланди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Томонлар сайёҳлик поезди 2026 йил охиридан йўлга қўйилиши ва Тошкент−Самарқанд−Бухоро−Хива йўналиши бўйлаб ҳаракатланишини кутмоқда.
Arsenale 66 нафар йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган 38 купели, 13 та вагондан иборат бўлган ҳашаматли поэзд ишлаб чиқариш устида иш олиб боради. Компания вакиллари поездни замонавий жиҳозлар билан таъминлашни, вагонлардаги хизмат кўрсатиш сифати ва интерьер дизайни «итальянча бўлишини» таъкидлади.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раҳбари ўринбосари Ҳикматулла Раҳметов «туризм келажаги сифатида темир йўл круизларини йўлга қўйиш концепцияси бизнинг инновациялар ва барқарорликка интилишимизга жуда мос келади», — деб таъкидлади. Чет эллик саёҳатчиларнинг эътиборини жалб қилишни мақсад қилган Luxury Train Cruising лойиҳаси Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги ҳомийлигида амалга оширилади.