26 Yanvar 2023, 20:18 Иқтисод

Ўзбекистонда 2023 йилда ЯИМ ўсиши 4,5−5 фоизни ташкил этади

Бу йил пул-кредит сиёсатининг таъсир доираси базавий инфляциянинг ўсиш динамикаси ҳамда ташқи иқтисодий шароитлардаги хатарлар сабаб қисқариши мумкин.

Ўзбекистонда 2023 йилда ЯИМ ўсиши 4,5−5 фоизни ташкил этади

2023 йил якунида Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 4,5−5 фоизга ва йиллик инфляция 8,5−9,5 фоиз доирасида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Макроиқтисодий ривожланиш прогнозларига кўра, I чоракда ЯИМ ўсишининг маълум даражада секинлашиши бўйича эҳтимоллик юқори экани қайд этилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, бир томондан базавий инфляциянинг ўсувчи динамикаси ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар даражаси, иккинчи томондан, ташқи иқтисодий шароитлар ва таклиф омилларидаги хатарлар пул-кредит сиёсати таъсир доирасини қисқартириши мумкин.

«Марказий банк пул-кредит шароитларининг талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирини синчковлик билан баҳолашда давом этади. Кўрилаётган чора-тадбирлар талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш ҳамда инфляциянинг прогноз коридори доирасида шаклланишига ва 5 фоизлик ўрта муддатли таргетига эришишига қаратилади», — дейилади хабарда.

Зарур ҳолларда инфляциянинг номонетар омилларини камайтириш, таъминот занжирларидаги узилишларни бартараф этиш ва зарурий таклиф ҳажмларини таъминлаш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Машҳур янгиликлар