Ўзбекистонда 2023 йилда газ ва электр энергияси нархлари оширилмайди
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг маълум қилишича, бу бўйича ижтимоий нормалар муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистонда аҳоли учун табиий газ ва электр энергияси нархларини 2023 йилда ошириш режалаштирилмаган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов маълум қилди.
«Нархлар ошадими йўқми, аниқ айта олмайман. Катта эҳтимол билан ошмайди. Аҳоли учун аниқ ошмайди. Лекин бу мазкур масалани муҳокама қилмаяпмиз дегани эмас. Турли вариантларни кўриб чиқяпмиз. Қандайдир ижтимоий нормалар муҳокама қилиняпти», — деди вазир ўринбосари.
Дилшод Султоновнинг қайд этишича, газ ва электр энергиясини кўп истеъмол қиладиган, совуқ қишда уйда футболкада юрадиган бой одамлар бозор нархида тўлаши керак. Ижтимоий рўйхатлардан бирига киритилган, маоши кам, икки хонали квартирада яшайдиган ҳамда электр энергияси ва газдан тежамкорлик билан фойдаланадиган фуқаро бўлса, уларни рағбатлантириш керак. Бундай тарифлар аксарият мамлакатларда амал қилади.