5 Yanvar 2024, 13:52 Iqtisod

Ўзбекистонда 2 йил ичида энергетика тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашига эришиш режа қилинмоқда

Бунинг учун ишлаб чиқариш қувватларини кескин ошириш, тўлиқ рақамлаштириш, узатиш тармоқларини бошқаришга хусусий операторларни жалб қилиш ва бошқалар режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда 2 йил ичида энергетика тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашига эришиш режа қилинмоқда

Энергетика вазирлиги 2026 йилгача энергетика тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашига эришишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазирлик «Газета.uz»га маълум қилди.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда, айниқса, 2023 йил бошидаги энергия инқирозидан кейин барча ишлар энергия тизимидаги «тешикларни ямашга» қаратилган. Айни пайтда Энергетика вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ёзги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда, бу даврда электр энергияси қиш мавсумига нисбатан кўп сарфланади ва электр кабеллари ҳаддан ташқари қизиб кетган тақдирда, ёнғинга чидамлилиги паст бўлади. Масалан, Тошкент шаҳрида 1 январь ҳолатига кўра электр энергияси истеъмоли 657 МВтгача пасайган бўлса, ёзда у 1500 МВтгача ошади.

Энергетика вазирлиги 10−15 йил олдин «кўплаб блэкаутлар бўлган» Хитойни мисол қилиб келтирди. Бугунги кунда Япония ва Жанубий Кореяда электр энергиясининг авариявий узилишлар давомийлиги йилига 5−7 дақиқани ташкил этса, Хитойда бу кўрсаткич 4 дақиқагача пасайган. Хитой ҳукумати дастлаб электр энергияси ишлаб чиқаришни оширди, Ўзбекистон ҳам «бор кучини бунинг учун сарфлади». Декабрь ойи охирида умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган олтита «яшил» электр станцияси ишга туширилди.

Умуман олганда, 2030 йилга бориб «яшил» электр станцияларининг қувватини 27 ГВтга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага зарарли моддалар чиқарилишини 34 миллион тоннага камайтириш имконини беради.

Иккинчи босқичда Ўзбекистонда электр тармоқлари ва подстанцияларни янгилаш режа қилинмоқда. Хусусан, икки йил давомида Хитойнинг China XD Electric Co концерни билан биргаликда 110, 220 ва 500 кВ кучланишли 100 дан ортиқ подстанциялар қуриш, трансформаторлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш белгиланган.

Дунёдаги энг йирик электр тармоғи компанияси бўлган State Grid Corporation of China (Хитойнинг 26 та ҳудудида электр энергиясини узатиш ва тармоқларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади, бу ҳудуднинг 88 фоизини ташкил этади) билан эса 220 ва 500 кВ кучланишли электр тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Жаҳон банкининг 115 млн долларлик лойиҳаси доирасида энергия тизимини рақамлаштиришни якунлаш ва SCADA тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Яна бир йўналиш — ҳудудлардаги узатиш тармоқларини бошқариш учун хусусий операторларни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Электр тармоғидаги йўқотишлар миқдорини камайтиришдан бизнес фойда кўриши мумкин бўлган вариант ўрганилмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонга 4 млрд кВт/соатга яқин электр энергияси импорт қилинган.

Mashhur yangiliklar