Ўзбекистон ва Польша ўртасида ишбилармонлар кенгаши тузилади
Ҳозирги кунда Полшанинг 8 та давлат билан шунга ўхшаш тузилмалари мавжуд. Агар ушбу кенгаш тузилса, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидан биринчиси бўлади.
Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Польша Миллий савдо палатаси президенти, Европа Савдо палаталари уюшмаси вице-президенти Марек Клочко билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Музокаралар давомида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш, жумладан 2024 йил апрел ойида Тошкентда ўтказиладиган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Польша ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши доирасида ташкил этиладиган бизнес-форумга пухта тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Марек Клочконинг айтишича, Польша томони ўзбек ишбилармон доиралари вакиллари билан электрон тижорат, IT, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
Томонлар Ўзбекистон–Польша ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича шартномани комиссиянинг 8-йиғилиши давомида имзолашга келишиб олди. Ҳозирги кунда Польшанинг 8 та давлат билан шунга ўхшаш тузилмалари мавжуд. Агар ушбу кенгаш тузилса, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидан биринчиси бўлади.
Бундан ташқари, Польша томони Тошкентда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик ваколатхоналарнинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари учун Ўзбекистон вилоятларига танишув ташрифларини ташкил этишда ўз тажрибаси билан бўлишишга тайёрлигини маълум қилди.