Ўзбекистон ва Қирғизистон янги автомобиль заводи қурилишини бошлади
«Альтин тулпар уна курулуш» номли завод Чуй вилоятининг «Ак-Суу» қишлоғи ҳудудида қад ростлайди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон янги автмобил заводини қуришни бошлади. Биринчи босқичда йилига 10 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилади.
«Альтин тулпар уна курулуш» номли завод Чуй вилоятининг «Ак-Суу» қишлоғи ҳудудида қад ростлайди. Бу ерда мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
«Бугун Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик янги босқичга кўтарилди. Ўзаро ташрифлар амалга оширилиб, бу мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга оид келишувлар билан тасдиқланмоқда.
Бугунги кунда енгил автомобилларни йиғиш ва ишлаб чиқариш заводини қуриш учун капсуланинг қўйилиши ҳам бунинг исботидир. Бу ҳар икки давлат учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳа», — дейди Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаров.
Шавкат Мирзиёев январь ойида Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи якунида икки мамлакат етакчилари ҳамда ҳукумат вакиллари ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланганди. Улар орасида «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Қирғизистон Республикасида автомобиль ва тижорат техникаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим» ҳам мавжуд бўлган.