Ўзбекистон ва Қирғизистон Сўхдаги ерости газ омборини тиклашни бошлади
Икки мамлакат делегациялари лойиҳа доирасида амалга ошириладиган навбатдаги қадамларни белгилаб олди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бошчилигидаги ишчи гуруҳ 10 апрель куни «Шимолий Сўх» ГЁСИда табиий газни сақлаш тизимини тиклашга доир лойиҳа доирасидаги тадқиқотларни ўтказиш учун мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида Қирғизистоннинг Қадамжай туманига борди.
Қирғизистон тарафидан тузилган ишчи гуруҳи билан учрашувда йўл харитасида кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш муҳокама қилинган. Қирғизистон ҳудудидаги газ қудуқларининг ҳолати кўздан кечирилиб, лойиҳа доирасида амалга ошириладиган навбатдаги қадамлар белгилаб олинган.
Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида Сўхдаги ерости газ омборини тиклаш билан боғлиқ келишувлар амалга оширилган эди. «Шимолий Сўх» ГЁСИда табиий газни сақлаш тизимини тиклаш лойиҳаси ҳам шу режадан ўрин олган.
Шунингдек, икки давлат энергетика вазирлари томонидан ҳам мазкур лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш учун йўл харитаси имзоланган. Жумладан, Ўзбекистон томонидан 15 кишидан иборат ишчи гуруҳ ҳам шакллантирилди. «ЎзЛИТИнефтгаз» билан биргаликда «Шимолий Сўх» ГЁСИ қудуқларида дала тадқиқотларини ўтказиш учун техник топшириқ ишлаб чиқилди.