Ўзбекистон ва Беларусь қиймати 1 млрд долларлик лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди
Мамлакатда пахтачилик тракторларини ишлаб чиқариш, енгил автомобилларни йиғиш йўлга қўйилиши мумкин.
Ўзбекистон ва Беларус минтақаларининг иккинчи форумида 2025 йилгача умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишга келишилди. Бу ҳақда Беларуснинг «БелТА» ахборот агентлиги бош вазир ўринбосари Леонид Заяцга таяниб хабар берди.
«Бу саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати, гуманитар ва таълим масалалари, спорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик, ўрмон хўжалиги соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, шаҳарсозлик, уй-жой коммунал хўжалиги — кенг кўламли масалалардир. Улар умумий қиймати 1,054 миллиард доллар бўлган 99 та ҳужжат билан тасдиқланган», — деди Беларусь расмийси.
Имзоланган шартномалар қаторида 2024 ва 2025 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган экспорт шартномалари ва инвестиция лойиҳалари ҳам бор. Леонид Заяц ушбу лойиҳалар мамлакатлар ўртасидаги яқин икки йилга мўлжалланган ҳамкорлик йўл харитасининг асосини ташкил этишини таъкидлади.
Бундан ташқари, Беларусь Ўзбекистонда болалар озиқ-овқат маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш, Минск автомобиль заводининг йўловчи транспортини йиғишни ташкил этиш, тўқимачилик саноатида корхоналар очиш, шунингдек пахтачилик тракторларини қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида.
Шунингдек, икки томонлама ишбилармонлар кенгаши йиғилишида «Беллегпром» концерни билан ўзбекистонликлар орасидан малакали ходимлар рўйхатини шакллантириб, Беларуснинг тўқимачилик ва чарм корхоналарида тажриба алмашишга келишилди.
«Беллесбупром» компанияси билан эса Ўзбекистонда мебель ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар Самарқанд ва Тошкент вилоятларида туристик марказларни ёғоч уйлар билан жиҳозлаш бўйича ҳамкорлик қилишлари мумкин.