12 Yanvar 2024, 22:12 Iqtisod

Ўзбекистон Қозоғистондан кўмир импортини 1,8 баробар, Қирғизистондан эса 2 баробар оширди

2023 йил якунларига кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга кўмир импорти 1,4 млн тоннага ошиб, 3,1 млн тоннага (+82,3 фоиз) етган. Қирғизистон кўмири эса 10 ойда икки баробар кўпайган — деярли 900 минг тоннагача. Январь-ноябрь ойларидаги етказиб бериш ҳажми қиймат жиҳатдан 189,2 млн долларга баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистондан кўмир импортини 1,8 баробар, Қирғизистондан эса 2 баробар оширди

Қозоғистон 2023 йилда Ўзбекистонга кўмир етказиб бериш ҳажмини деярли икки баробар оширган, дея хабар бермоқда «Қозоғистон темир йўллари» матбуот хизмати. Қозоғистон кўмири импорти йил давомида 1,4 миллион тоннага — 3,1 миллион тоннагача ошган (+82,3 фоиз).

Ўтган йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунларига кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга кўмир экспорти ҳажми 704 минг тоннани ташкил этиб, 18,2 миллион долларга баҳоланган (2022 йилнинг январ-сентябрь ойларига нисбатан 2,5 баробар кўп — 275,7 минг тонна учун 7,5 миллион доллар).

Сўнгги чоракда (октябрь-декабрь) Ўзбекистон деярли 2,4 миллион тонна Қозоғистон кўмирини импорт қилган. Агар нарх ўзгармаган бўлса, унда бу 61,9 миллион долларни ташкил қилади.

Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистонга кўмир импорти 189,2 миллион долларни (2022 йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробар кўп — 105,8 миллион доллар) ташкил этган бўлса, шундан тахминан 80,1 миллион доллари (42,3 фоиз) Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган.

Ўтган йилнинг 10 ойи давомида Қирғизистондан 30,9 миллион долларлик (ҳар тонна учун 34,6 доллар) 895,4 минг тонна кўмир импорт қилинган, бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп — 13,5 миллион долларлик (31,4 доллар) 430,8 минг тонна кўмир.

2022 йилда ҳам кўмир Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиядан олиб келинган. Шу билан бирга, Россия кўмири Қозоғистон кўмиридан 7 баробар, Қирғизистон кўмиридан деярли 10 баробар қимматроқ эди.

Июнь ойи бошида Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири ўринбосари Иран Шархан Ўзбекистонга энергетик кўмир экспортини босқичма-босқич 25 баробардан кўпроққа — 12,8 миллион тоннагача ошириш режаларини маълум қилган эди.

Mashhur yangiliklar