Ўзбекистон Озарбайжон энергетика тизими тажрибасидан фойдаланиши кутилмоқда
«AzerEnergy»нинг янги SCADA тизими, ушбу тизимларни қўллаш учун зарур бўлган муҳим омиллар, дастурий таъминот, автоматлаштириш ва бошқа соҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «AzerEnergy» ўртасида меморандум имзоланди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, Озарбайжонда сафарда бўлган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раҳбарияти «AzerEnergy» очиқ акциядорлик жамияти (ОАЖ)нинг электр станциялари, подстанциялари, лаборатория, ўқув маркази ва рақамли бошқарув марказида бўлиб, қатор учрашувларда иштирок этди.
«AzerEnergy» президенти Баба Ризаев ва бошқа шахсларнинг Ўзбекистон энергетика тизими раҳбарияти билан учрашувларида икки мамлакат энергетика тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф якунлари бўйича «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «AzerEnergy» ўртасида меморандум имзоланди. Меморандумдан кўзланган мақсад — Озарбайжон энергетика тизими тажрибасидан фойдаланиш ва икки давлат ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегациясига электр станциялари, подстанциялар, рақамли бошқарув тизими ва «AzerEnergy»нинг янги SCADA тизими, ушбу тизимларни қўллаш учун зарур бўлган муҳим омиллар, дастурий таъминот, автоматлаштириш ва бошқа соҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.