Ўзбекистон газ қазиб олишни камайтириб, импортни кескин оширди
Январь—март ойларидаги газ импорти 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 баробарга кўпроқ бўлди.
Ўзбекистон 2023 йилнинг биринчи чорагида 152,9 млн долларлик газ импорт қилди. Бу ҳақда Статистика агентлги ҳисоботидан маълум бўлди.
Январь—март ойларидаги газ импорти 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 баробарга кўпроқ бўлди. Биринчи чоракда амалга оширилган газ импортининг деярли ҳаммаси март ойига тўғри келган — 151,2 млн доллар.
Газ экспорти бўйича вазият умуман бошқача. Уч ойда 27,4 млн долларлик газ экспорт қилинган ва бу 2022 йилнинг илк чорагига нисбатан 70,6 фоизга камроқ.
Шунингдек, кўриб чиқилаётган даврда 34,4 млн долларлик электр энергияси импорт қилинган бўлса, бу борада экспорт 18,9 млн долларни ташкил қилган.
Электр энергияси импорти 2022 йилга нисбатан 19,6 фоизга, экспорти эса 56,7 фоизга камайган. Уч ойда нефть маҳсулотлари экспорти 41,5 фоизга ошиб 39,5 млн долларни ташкил қилган. Мазкур маҳсулотларнинг импорти 510 млн долларга етиб, 43,3 фоизга ошган.