Ўзбекистон ФАО билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаб олди
Томонлар аграр соҳани рақамлаштириш, молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларини амалга ошириш ҳамда агроозиқ-овқат тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича тадбирларни киритишга келишди.
7−8 сентябрь кунлари Самарқандда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказилмоқда.
Шавкат Мирзиёев унинг доирасида мамлакатда бўлиб турган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Сюй Дунюйни қабул қилди.
Учрашув бошида Ўзбекистон етакчиси юқори даражали меҳмонга мазкур конференцияни қўллаб-қувватлагани ва шахсан иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирди.
ФАО бош директори президентни глобал миқёсда долзарб бўлган мавзудаги ушбу халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси муваффақиятли рўёбга чиққани ва тадбир юксак даражада ташкил этилгани билан табриклади.
Учрашувда озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётган бугунги хавф-хатарларга қарши, шу жумладан минтақа даражасида курашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Аграр тармоқни ривожлантиришдаги номутаносибликлар, сув ресурсларининг танқислиги, қўшимча қиймат яратишнинг узун ва самарасиз занжирлари ва логистикадаги узилишлар кабилар барқарор ривожланиш учун асосий хатарлар сифатида қайд этилди.
Ўзбекистон ва ФАО ўртасида 2030 йилгача мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурига қуйидагиларни амалга ошириш бўйича қўшма тадбирларни киритишга келишилди:
- қишлоқ хўжалигини илмий тадқиқотлар ва инновациялар асосида модернизация қилиш;
- аграр соҳани рақамлаштириш;
- молиявий қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан воситаларини амалга ошириш;
- агроозиқ-овқат тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш.
Конференциянинг биринчи кунида Шавкат Мирзиёев қатнашчиларга мурожаат йўллаганди. Давлат раҳбари мурожаатида фермерлар ва кичик ишлаб чиқарувчилар учун ахборот-консалтинг марказларини ташкил этиш, уларни ресурс тежайдиган технология ва усуллар бўйича ўқитиш учун агро-консалтинг хизматлари сифатини яхшилаш долзарблиги қайд этилган.