Ўзбекистон автомобил бозорида июнь ойида пасайиш кузатилди
Биринчи ярим йиллик натижаси 718 минг автомобилдан ошди. Бу 2022 йилнинг худди шу даврига нисбатан 11 фоизга кўпдир.
Ўзбекистон автомобил бозорида июнь ойида пасайиш кузатилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган ўрганишларда маълум бўлди.
Маълум қилинишича, йил бошидан бери май ойи Ўзбекистон автомобил бозоридаги энг муваффақиятли ой бўлган, лекин июнь ойида пасайиш кузатилди. Биринчи ярим йиллик натижаси 718 минг автомобилдан ошди. Бу 2022 йилнинг худди шу даврига нисбатан 11 фоизга кўпдир.
Бирламчи бозорда енгил автомобиллар савдоси бир ой давомида 17,5 фоизга камайди. Шу билан бирга, 2022 йил июнь ойига нисбатан бирламчи бозорда 8,4 фоиз ўсиш қайд этилди.
Июнь ойида енгил автомобилларнинг иккиламчи автомобил бозори ҳам сотувларнинг пасайиши билан ажралиб турди. Ой давомида деярли 83 мингта енгил автомобиллар сотилган, бу май ойига нисбатан 23 фоизга кам.
Июнь ойида сотилган автомобиллар сони 123 мингтани ташкил этиб, май ойига нисбатан 21 фоизга сезиларли пасайиш ва ўтган йилнинг июнь ойига нисбатан 2,6 фоизга ўсиш кузатилди. Ёзнинг биринчи ойида Ўзбекистонда 110,5 минг дона енгил автомобиллар сотилган бўлиб, бир ой давомида 21,6 фоизга камайган.
2023 йилнинг 1-ярим йиллиги якунларига кўра, автомобиллар савдоси 2-чоракдаги 14 фоиз ўсишга нисбатан йиллик ўсиш 11 фоизга етиб, 718,2 мингта автомобилни ташкил этди ва савдолар 372 мингтадан ошди.