16 Noyabr 2023, 09:57 Iqtisod

Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини оширади

Божхонада электрон ҳужжат айланишини жорий этиш, виза режимларини соддалаштириш режалаштирилган.

Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини оширади

Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича ишчи гуруҳ тузади, деб ёзади Anadolu.

Унинг ташкил этилиши Исломободда бўлиб ўтган уч томонлама музокаралар баённомасида кўрсатилган. Уларда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Покистон савдо ва саноат вазири Гоҳар Ижаз ва унинг Афғонистон муваққат ҳукуматидаги ҳамкасби Ҳожи Нуриддин Азизий иштирок этди.

ОАВ хабарларига кўра, протокол бошқа нарсалар қаторида божхонада электрон ҳужжат айланишини жорий этишни ҳам назарда тутади. Бундан ташқари, мамлакатлар савдо учун виза тартибини соддалаштиришга келишиб олди.

Шунингдек, қўшма сармоявий лойиҳалар устида ишлаш, банк тизимини ривожлантириш режалаштирилган. Яна бир истиқболли йўналиш – озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ташаббуслар.

Ижаз ушбу протоколни Тошкент, Кобул ва Исломобод ўртасидаги иқтисодий алоқалар ва ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги «муҳим қадам» деб атади. У савдо ва транзит ташувлари йўналишида «яхши вақт келишини» кутаётганини билдирди.

Афғонистон Саноат ва савдо вазирлиги ишчи гуруҳ келаси ҳафта йиғилишини маълум қилди. Унинг асосий вазифаси уч давлат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш ва бунга тўсқинлик қилаётган тўсиқларни бартараф этишдан иборат.

Mashhur yangiliklar