29 Yanvar 2023, 20:52 Iqtisod

Ўзбекистон аҳолиси 2035 йилда 45 миллионга етади

Прогнозларга кўра, ҳар йили ўрта ҳисобда 900-950 минг чақалоқ туғилади.

Ўзбекистон аҳолиси 2035 йилда 45 миллионга етади

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан Ўзбекистонда 2035 йилгача бўлган давр учун аҳоли сони прогнозларининг ижтимоий соҳа ва электр энергияси таъминотига таъсири ўрганилди.

Қайд этилишича, тадқиқот давомида қуйидагилар аниқланган:

  • 2035 йилга бориб, мамлакат аҳолиси 45,6 миллион кишидан ошиши кутилмоқда ва ҳар йили ўрта ҳисобда 900-950 минг гўдак дунёга келади.
  • 3-6 ёш оралиғидаги болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси 90 фоизга етиши ва бунинг учун мактабгача таълим муассасаларида 1264 минг нафар бола учун янги ўринлар ташкил этиш зарурлиги қайд этилган.
  • Прогнозларга кўра, 2035 йилга бориб, 7-17 ёш оралиғидаги болалар сони 9 млн 737,4 минг нафарни ташкил этади. Бу эса мактабларда қўшимча 8,2 миллион ўқувчи ўрнини яратишни талаб қилади.

Шунингдек, амбулатор-поликлиникалар сонини 8450 бирликка (2022 йил бошида 6676 та) етказиш зарур. 2035 йилгача бўлган даврда аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби ҳар йили 5-5,3 фоизга ошиши кутилмоқда.

Аҳоли ва умуман иқтисодиётнинг ўсиб бораётган талабини қондириш учун 2030 йил қадар энергия қувватини мавжуд даражага нисбатан камида 1,7 баробар ошириш талаб қилинади.

Талабнинг тахминан 8-10 фоизини ташкил этадиган мавжуд тақчиллик тўлдирилиши билан ўсиб бораётган аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби 2035 йилгача бўлган даврда тахминан 6,2-6,5 фоиз ўсади.

Тадқиқот натижаларига кўра, қуйидагилар таклиф этилади:

  • Давлат қарзи ортиб бораётган шароитда фискал юкни енгиллаштириш мақсадида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хусусий иштирокчилар билан тизимли иш олиб бориш, уларга лисензия ва бошқа рухсатномаларни бериш тартибини соддалаштириш.
  • Халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзолари буджет маблағларини тақсимлаш ва ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини ўрта муддатли режалаштиришда демографик ривожланиш прогнозларини ҳисобга олиши зарур.
  • Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида халқаро ва маҳаллий иштирокчилар, шунингдек, тегишли технологияларни етказиб берувчилар Ўзбекистонга сармоя киритиш борасидаги қарорларни қабул қилишда демографик прогнозларни инобатга олган ҳолда, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларига ўрта муддатли талаб мавжуд эканига ишончи комил бўлиши мумкин.

Демографик юкнинг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда энергетика тизимларини бошқариш ва ривожлантириш борасида мутлақо янги ёндашувларни ишлаб чиқиш талаб этилади. Бунда реал вазият ҳамда имкониятдан келиб чиқиб, Марказий Осиё минтақасида жойлашган мамлакатларнинг энергетика соҳасидаги интеграсион салоҳиятини жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Миллий энергетика тизимини имкон қадар тезроқ ядро, водород ва бошқа муқобил «яшил» технологиялардан фойдаланишга асосланган янги технологик платформа параметрларига интеграциялашнинг долзарблиги ортиб бормоқда. Узоқ муддатли истиқболда аҳолини ресурслар билан барқарор таъминлашнинг омили сифатида энергетика, сув ва ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни мувофиқлаштирилган ҳолда, босқичма-босқич ўтказиш тавсия этилади.

Mashhur yangiliklar