Ўзбек сўми дунёнинг энг заиф валюталари ўнталигига кирди
Forbes Advisor энг заиф валюталар рейтингини эълон қилди, ўзбек сўми 7-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон миллий валютаси сўм 2023 йилда дунёнинг энг заиф валюталари ўнталигига кирди. Бу ҳақда Forbes Advisor нашри хабар бермоқда.
Рейтинг бир АҚШ доллари эвазига олинган хорижий валюта бирликлари сонига асосланган таҳлил асосида тузилган.
Рейтингга кўра, сўм заиф валюталар орасида 7-ўринни эгаллади. Эълон қилинган вақтда 1 сўм 0,000087 АҚШ долларига тенг бўлган. 1 АҚШ доллари эса 11 516 сўмга тенг.
«Иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, мамлакат паст иқтисодий ўсиш, юқори инфляция, ишсизлик ва коррупция билан курашни давом эттирмоқда», — дея ёзилади нашрда. Шунингдек, Эрон риали энг заиф валюта сифатида тан олинган. Унинг нархи $0,000042 ($1 = 42,273 риал ).
Рейтингга Вьетнам, Лаос, Серра-Леоне, Индонезия, Ливан, Гвинея, Парагвай ва Уганда миллий валюталари ҳам киритилган. Марказий банк маълумотларига кўра, 19 июль ҳолатига долларнинг расмий курси 11 608,03 сўмни ташкил этади.