«Ўзавтосаноат» давлатга 613,4 млрд сўм дивиденд тўлаши маълум бўлди
Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот порталидан маълум бўлди.
«Ўзавтосаноат» давлатга 613,4 млрд сўм дивиденд тўлашга қарор қилди. Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот порталидан маълум бўлди.
«Ўзавтосаноат» 2022 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 760,3 млрд сўм тақсимланмаган фойдасининг 80,67 фоизини (613,3 млрд сўм) давлат улуши бўйича дивиденд тўлашга йўналтиради. Ушбу тақсимланмаган фойданинг 19,33 фоизини, яъни 146,9 млрд сўмини «Ўзавтосаноат»ни устав фондидаги давлат улушини белгиланган тартибда ошириш учун йўналтиради.
Бу мақсадда 2022 йил 30 июндаги 8-2022-сонли баёни ягона акциядорнинг қарори билан 23,58 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ва 70,4 млрд сўм UzAuto акцияларини сотиб олишга йўналтирилган маблағлар ҳам йўналтирилади. Шунда, 1 дона оддий акцияга 0,33 сўм (33 тийин) миқдорида (5 фоиз солиқ билан бирга) пул маблағлари билан тўланиши учун дивиденд эълон қилинади.
«Ҳисобланган дивидендларни миқдорини ягона акциядор томонидан дивиденд тўлаш тўғрисида мазкур қарор қабул қилинган санадан 60 кун ичида тўлаш учун ижро орган томонидан тегишли чоралар кўрилсин», — дейилади қарорда.