Япония Ўзбекистонга иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш учун 246 млн доллар ажратади
Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш учун Япониядан 246,2 млн доллардан ортиқ маблағ олади.
19 февраль куни Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хатори Такаши ва Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов «Барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни қўллаб-қувватлаш дастури» доирасида 37 млрд иена (тахминан 246,2 млн доллар) миқдорида кредит ажратиш бўйича алмашув ноталарини имзолади.
Бундан ташқари, Илҳом Норқулов ва JICAʼнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Бито Ёшибуми ушбу лойиҳа бўйича кредит келишувини имзолади. Кредит 10 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга берилади. Фоиз ставкаси йилига 1,8 фоизни ташкил этади.
Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистонни бозор иқтисодиётига ўтиши бўйича иқтисодий ислоҳотларнинг узлуксиз амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий интеграция ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборат.
2022 йил декабр ойида Токиода бўлиб ўтган «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасидаги ташқи ишлар вазирларининг 9-учрашувида эркин ва очиқ Марказий Осиёда барқарор ривожланишга эришиш мақсадида Япония ҳамкорлик «инсонларга сармоя киритиш» ва «ўсиш сифати»га устувор аҳамият қаратадиган янги моделга мувофиқ йўлга қўйилишини ва ривожлантиришини эълон қилганди. Ушбу лойиҳа «Ўсиш сифати» тушунчасини ўзида қамраб олади.