«Uzbekistan Airways» «Airbus»дан 12 та янги самолёт сотиб олади
Ҳозирда авиакомпания паркида Airbus А320 оиласига тегишли 17 та самолёт мавжуд.
«Uzbekistan Airways» «Airbus» авиақурилиш компанияси билан А320нео оиласига тегишли 12 та самолёт харид қилиш учун шартнома имзолаганини эълон қилди.
Маълум қилинишича, янги авиалайнерлар авиакомпаниянинг бугунги кунда 17 та «Airbus» А320 оиласига тегишли ҳаво кемаларидан иборат авиапаркига келиб қўшилади. Янги шартнома доирасида двигателларни танлаш кейинчалик авиакомпания томонидан буюртма қилинади.
Янг самолётлар «Airbus» Airspace салонига эга бўлиб, у йўловчиларга ҳаво транспорти бозорида юқори даражадаги қулайликни тақдим этади. «Uzbekistan Airways» янги самолётлардан йўналишлар тармоғини янада кенгайтириш учун фойдаланишни режалаштирмоқда.
«Airbus билан имзоланган шартнома авиакомпания паркини модернизация қилиш стратегиямизнинг янги босқичи бўлиб, йўловчиларга энг замонавий ва қулай ҳаво кемаларини таклиф қилишни давом эттиришга имкон беради.
Шу билан бирга, А320neo оиласининг ушбу ҳаво кемалари бизга Марказий Осиё минтақасидаги мавқейимизни янада яхшилашга ва минтақа ичида ҳам, ундан ташқарида ҳам парвозлар харитасини сезиларли даражада кенгайтиришга ёрдам беради», — деган «Uzbekistan Airways» бошқарув раиси.
А320neo оиласи ёнилғи тежамкорлиги CО2 (карбонат ангидрид) чиқиндиларининг камида 20 фоизини таъминлайдиган янги авлод двигателлари ва «Sharklets» каби сўнгги технологияларни ўз ичига олади. 130 дан зиёд мижозларнинг 8600 дан ортиқ буюртмаларини олган А320neo оиласи дунёдаги энг машҳур ҳаво кемаси ҳисобланади.