Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб беришни қайта тиклади
12 январь куни Туркманистон «Дарёлиқ» станцияси орқали Ўзбекистонга табиий газ экспортини тўхтатган эди.
2023 йилнинг 21 январидан бошлаб Ўзбекистонга Туркманистондан газ етказиб бериш қайта тикланди. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» матбуот котиби хабар берди.
Жорий йилнинг 12 январь куни Туркманистон «Дарёлиқ» станцияси орқали Ўзбекистонга табиий газ экспортини тўхтатган эди.
Ўша куни «Туркмангаз» давлат концернидан унга қарашли газ ишлаб чиқариш корхоналаридаги муаммолар ва «Дарёлиқ» орқали газ таъминоти тўхтатилгани ҳақида телефонограмма келиб тушган.
Турли манбалардан олинган маълумотларга кўра, газ таъминоти тўхтатилишига «Галканиш» газ конденсати кони ичидаги коммуникацияларида гидрат ҳосил бўлиши сабаб бўлган. Мутахассислар буни кучли совуқларда содир бўладиган форс-мажор ҳодиса деб тушунтирган.
Ўзбекистонда ғайритабиий совуқлар ва Туркманистондан газ етказиб беришнинг тўхтатилиши фонида электр энергиясида оммавий узилишлар, шунингдек, иссиқлик таъминоти ва истеъмолчиларга газ таъминотида узилишлар кузатилди.
2023 йил бошида Ўзбекистон Туркманистондан кунига 35 миллион куб метр газ ва кунига 20–21 миллион кВт/соатгача электр энергияси импорт қилишни режалаштирган эди.