Туркия компанияси Ўзбекистонда пулли автомобиль йўлларини қуришда иштирок этиши мумкин
Хорижий компания вакилларига ДХШ асосида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилган.
Туркиянинг Cengiz Holding компанияси йўл қурилиши соҳасида давлат-хусусий шерикчилик лойиҳаларида иштирок этиш ниятида эканини билдирди.
Маълум қилинишича, 14 сентябрь куни транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Туркиянинг Cengiz Holding компанияси вакиллари билан учрашган. Учрашувда транспорт соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама этилган.
Хусусан, турк компанияси вакиллари Ўзбекистонда пулли автомобиль йўлларини қуриш бўйича истиқболли лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиш билдираётганини маълум қилган. Хорижий компания вакилларига Ўзбекистонда транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида ДХШ асосида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилган.
Ўзбекистондаги илк пулли йўлларнинг қурилиши ҳақида 2018 йилда хабар берилганди. Ўшанда бу каби йўлларнинг биринчисини қуриш билан Германиянинг GP Günter Papenburg компанияси шуғулланиши мумкинлиги айтилганди. 2019 йилда Автомобиль йўллари қўмитаси Ўзбекистондаги илк пулли трассани қуриш учун жой танланаётганини маълум қилганди.