11 Yanvar 2023, 16:18 Iqtisod

Тошкентда хонадон ижараси нархлари қандай?

ПМТИ декабрь ойида пойтахтдаги ижара нархлари бўйича ўзгаришларни таҳлил қилди.

Тошкентда хонадон ижараси нархлари қандай?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари декабрь ойида Тошкент шаҳрида хонадонлар учун таклиф этилаётган ижара нархларидаги ўзгаришларни таҳлил қилди. Бу ҳақда институт ахборот хизмати «NOVA24»га хабар берди.

Натижалар хонадонлар учун ўртача ижара нархи ноябрь ойидагига нисбатан ошгани, лекин ошиш суръати секинлашганини кўрсатди. Хусусан, ноябрда нархлар октябрь ойидагига қараганда 4,4 фоизга тушган, аммо декабрда 3,5 фоизга ошган. Нархлар Шайхонтоҳур (10,6 фоиз), Миробод (3,5 фоиз), Юнусобод (3,3 фоиз), туманларида ошган. Бошқа туманларда эса пасайиш кузатилган.

Инфографика: Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти

«Ойбек», «Тошкент», «Минор», «Буюк ипак йўли» метро бекатлари атрофида ва Нукус кўчаси бўйлаб жойлашган, яхши таъмирланган хонадонлар учун 1000 АҚШ долларидан юқори ижара нархлари таклиф қилинмоқда. Чилонзор ва Юнусобод туманларида ижара нархлари нисбатан пастроқ, аниқроғи таъмирланган хонадонлар учун асосан 400-600 АҚШ доллари атрофида ижара нархлари таклиф этилмоқда.

Ўртача таъмирланган хонадонлар таклифи нисбатан камроқ бўлиб, улар асосан Чилонзор ва Юнусобод туманларида, шунингдек, Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси бўйлаб таклиф этилмоқда. Бу ердаги хонадонларнинг ижара нархи асосан 300-800 долларни ташкил этади.

Таъкидланишича, ижарага бериладиган қиммат сегментдаги хонадонлар одатда вақтинчалик ишлаш мақсадида келаётган чет эл фуқароларига таклиф этилаяпти ва улар қулай инфратузилмага эга, транспорт қатнови яхши ва озиқ-овқат дўконлари яқин бўлган ҳудудларда жойлашган. Нисбатан арзон сегментдаги хонадонларнинг кўп эмаслиги ва асосан иккита туманда таклиф этилаётгани ижара бозорини ривожлантириш зарурати борлигини яна бир бор кўрсатади.

Mashhur yangiliklar