Тошкентда Божхона расмийлаштируви маркази ишга тушди
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда.
Давлат раҳбарининг 2022 йил 27 апрелдаги божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир фармонида соҳани рақамли трансформация қилиш, хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланган. Шу мақсадда Давлат божхона қўмитасида Божхона расмийлаштируви маркази барпо этилди.
Президент ушбу мажмуани бориб кўрди. Бу ерда Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Масофавий электрон декларациялаш пости, «call-марказ», Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ташкил этилган. Ахборот тизими хорижий давлатлар, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, ташқи иқтисодий фаолият вакиллари, авиакомпаниялар маълумотлари билан интеграция қилинган. Ишни ташкил этишда тадбиркорларнинг таклифлари ҳам инобатга олинган.
Маълумотларни қайта ишлаш маркази амалдаги захирага нисбатан ўн баробар катта ҳажмли замонавий серверлар, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган. Бу алоқа каналлари тезлигини 5 баробарга ошириш ва расмийлаштирув вақтини 2 баробарга қисқартиришни таъминлайди. Бутун тизим киберҳужумлардан ҳимояланган. Масофавий электрон декларациялаш постида дастлабки босқичда Тошкент шаҳри тадбиркорлари масофадан туриб юборадиган божхона юк декларацияларини тезкорлик билан расмийлаштириш йўлга қўйилди. Кейинчалик бу билан республикадаги барча расмийлаштирув жараёнларини қамраб олиш режалаштирилган.