Тошкент жамоат транспортида мослашувчан тарифлар жорий этилади
Шунингдек, йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар белгиланади.
Тошкентда жамоат транспортида йўл ҳақининг мослашув тарифларини жорий этиш тизими 1 апрелдан амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бундай кўрсатма Шавкат Мирзиёевнинг 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида келтирилган.
Пойтахт ҳокимлиги белгиланган муддатда янги ишлаб чиқилган тарифларни жамоатчилик муҳокамасини ўтказиб, халқ депутатлари шаҳар кенгашида кўриб чиқади. Кейинчалик янги тизим республиканинг барча ҳудудларида жорий этилади. Мослашувчан тарифларни жорий этиш 1 соат ичида бир йўналишдаги транспортдан бошқасига ўтказишлар сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тарифлардан фойдаланишни назарда тутади.
Бундан ташқари, туридан қатъи назар, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланган ва чекланмаган тариф режалари жорий этилади. Шунингдек, йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар белгиланади. Хусусан, ҳудудларда нақд тўловлар бўйича тарифларни 30 фоизга ошириш режалаштирилган. Йўл ҳақи тўланишини назоратчилар гуруҳи назорат қилади. 15 апрелдан бошлаб пойтахтда йўловчи ташишни ялпи шартномалар асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими жорий этила бошлайди. Келгуси йилдан бошлаб бу тизим бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади.