Тадбиркорлик субъектлари имтиёзларини мақбуллаштириш бўйича комиссия тузилди
У имтиёзларнинг иқтисодиётга ва соғлом рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилиб, таклифлар тайёрлайди.
Ўзбекистонда тадбиркорларга берилаётган субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни оптималлаштириш ва самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси тузилмоқда.
Бу президентнинг 24 майдаги қарорида назарда тутилган. Унга бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлик қилади. Унинг таркибига жами 22 киши киради.
Комиссияга 1 октябрга қадар президент администрациясига амалдаги барча қўллаб-қувватлаш чораларини хатловдан ўтказган ҳолда, уларнинг иқтисодиётга ва соғлом рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилиш ҳамда самарадорлигини баҳолаш натижалари бўйича тубдан қайта кўриб чиқиб, тегишли таклифлар киритиш топширилди.
Ушбу таклифлар туман ва шаҳар тоифасидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш тартиби натижадорлигини баҳолашни, шунингдек, қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишда тадбиркорлик субъектлари томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаш тартибини жорий этишни ўз ичига олиши керак.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган соҳалар, тармоқлар ва фаолият йўналишлари доирасини аниқ белгилаш, қонунчилик ҳужжатларига имтиёзлар ва преференциялар тушунчаси, турлари ва шаклларини тўлиқ ифодалайдиган нормаларни киритиш, қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланиш самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш, мақсадсиз фойдаланилган маблағларни мажбурий тартибда қайтариш тартибини жорий этиш кўзда тутилган.
Мавзуга оид хабарлар:
Хивада Ўзбекистон–Малайзия ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши ўтказилади