16 Sentabr 2023, 15:42 Iqtisod

«Свет» ва газнинг янги тарифлари тасдиқланди. Газ «заправка»лардаги нархларга чеклов ўрнатилди

1 октябрдан йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархлари оширилади. Тарифлар аҳоли учун ўзгаришсиз қолди. Шунингдек, газ «заправка»ларда 6 ой давомида нархни 3250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича чоралар кўрилади.

«Свет» ва газнинг янги тарифлари тасдиқланди. Газ «заправка»лардаги нархларга чеклов ўрнатилди

8 сентябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилганди. UzA хабар қилишича, лойиҳа тасдиқланиб, тегишли қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган. Ўзгаришлар 1 октябрдан кучга киради.

Қарорга кўра, аҳоли учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи ўзгаришсиз — 295 сўм қолади. I ва II гуруҳ истеъмолчилари — Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ КМК, Ўзбекистон металлургия комбинати ва уларнинг таркибий корхоналари, бюджет ташкилотлари, шунингдек, насос станциялари учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи 450 сўмдан 1000 сўмга (2,2 марта) ошади, бошқа юридик шахслар (компаниялар) учун эса — 450 сўмдан 900 сўмгача (2 баравар).

Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар учун тариф ҳам ўзгаришсиз қолди — 147,5 сўм этиб белгиланди. Аҳолига етказиб берилаётган табиий газнинг бир кубометри нархи ҳам ўзгармайди — 380 сўм. Газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда, овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун бериладиган газнинг бир кубометри 660 сўм (ўзгаришсиз қолади), иситиш учун — 380 сўм (ўзгаришсиз қолади)) бўлади.

Навоий КМК, Олмалиқ КМК, «Ўзметкомбинат» ва бюджет ташкилотлари учун бир кубометр газ нархи 660 сўмдан 1800 сўмгача (2,7 баравар) оширилади. Бошқа юридик шахслар учун эса нарх 660 сўмдан 1500 сўмгача (2,3 баравар) ошади. Аҳоли учун суюлтирилган газ тарифи ўзгармайди — 1120 сўм.

Шунингдек, қарор билан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида:

  • ўрнатилган газ ҳисоблаш ускуналари табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ уланганлигини ва онлайн режимда маълумотлар узатилаётганини қатъий назорат қилиб борилади;
  • ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, шунингдек, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш бўйича назорат тадбирларини кучайтирилади;
  • табиий газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи келгуси олти ойда бир куб метр учун 3250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича қатъий чоралар кўрилади.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқава сув хизматларига, шаҳар йўловчилар ташиш транспортида (бундан йўналишли ва йўналишсиз таксилар мустасно) йўловчилар ташиш хизматларига янги таърифларни белгилаш тавсия этилмоқда. Бунда иссиқлик таъминоти хизматларининг аҳоли учун белгиланадиган нархлари жорий куз-қиш мавсумида оширилмаслиги кўзда тутилган.

Mashhur yangiliklar