10 Fevral 2023, 15:32 Iqtisod

Сув ҳисобини онлайн режимда мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилади

2023 йилги давлат дастурига кўра, жами 13 057 сув хўжалиги объектларида рақамли технологиялар жорий этилиб, «Ақлли сув» қурилмалари ўрнатилади.

Сув ҳисобини онлайн режимда мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилади

2023 йилда жами 13 057 та сув хўжалиги объектида рақамли технологиялар жорий қилиниб, шундан 10 937 та объектда «Ақлли сув» қурилмалари ўрнатилади. Бу ҳақида 2023 йилги Давлат дастури лойиҳасида келтириб ўтилган.

Лойиҳанинг 14-банди сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга оширишга қаратилган.

Лойиҳага кўра, сув ресурсларини бошқаришда «вазир-мироб-фермер» узлуксиз тизимини йўлга қуйиш ва сувни тежайдиган рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига сувни етказиб беришдаги табиий йўқотишлар салмоғи 10 фоизга камайтирилади.

Сув солиғи бўйича тушимларнинг 25 фоизи туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларини бетонлашга йўналтирилади. Сув ресурслари тўғридан-тўғри фермерлар чегарасигача етказиб берилиб, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилади.

Шунингдек, сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали камида 7 миллиард куб метр сув иқтисод қилиниши ва 300 минг гектар майдонда такрорий экинларни суғоришга йўналтирилади.

Mashhur yangiliklar