13 Fevral 2023, 11:35 Iqtisod

Солиқ қўмитаси ҚҚС тўлаш бўйича назорат тадбирлари ўтказади

Бу фирибгарлик схемалардан фойдаланиб, асоссиз солиқ нафи олиш билан боғлиқ бўлмаган инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради.

Солиқ қўмитаси ҚҚС тўлаш бўйича назорат тадбирлари ўтказади

Солиқ қўмитаси 1 октябрга қадар тажриба тариқасида ҚҚС тўлаш бўйича солиқ узилиши аниқланганда солиқ назорати тадбирларини амалга ошириши мумкин, дея хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

ҚҚС билвосита солиқ бўлиб, хўжалик юритувчи субъектлар учун унинг нейтраллиги ҳисоб-китоб механизми орқали таъминланиши сабабли, товар (хизмат)лар реализациясининг ҳар бир босқичида солиқ бюджетга тўланиши зарур. Шуни амалга ошириш мақсадида интизомсиз солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни ноқонуний қоплашни олдини олиш бўйича тажриба ўтказилади.

Қўмитанинг қайд этишича, бу Европа ва МДҲ давлатларида кенг қўлланиладиган бутунжахон амалиётидир. Ушбу мамлакатларнинг солиқ маъмурчилигида товар (хизмат)ларни етказиб бериш занжирида ҚҚС узилишлари аниқланганида солиқни асоссиз қоплашда нафга эга бўлаётган бенефициарларни аниқлаш учун бундай етказиб бериш жараёнларида иштирок этган барча шахсларга нисбатан қатъий солиқ назорати тадбирлари ўтказилади.

«Сохта тадбиркор солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни бюджетга тўламаслик шарт-шароитларининг яратилиши товар (хизмат)ларни етказиб бериш занжирининг барча иштирокчиларини, ҳатто улар билан боғлиқ бўлмаган инсофли тадбиркорларни, солиқ ҳуқуқбузарлиги содир этлиши мумкин бўлган хавф гуруҳига кириб қолишига олиб келмоқда», — дейилади хабарда.

Шу боис, солиқ органларининг вазифаси ҳақиқий бенефициарлар ҳамда уларга алоқадор шахсларни ва ноқонуний қопланган солиқларни аниқлашдан иборат. Бугунги кунда қўмитанинг солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш тажрибаси қўшилган қийматни яратиш ва ўтказиш, шунингдек, ҚҚСни буджетга тўлаш занжирининг тўлиқ харитасини шакллантириш имконини беради.

Mashhur yangiliklar