Солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати 5 йилдан 3 йилга қисқартирилди
Камерал текширув солиқ органининг ўзи томонидан солиқ тўловчи иштирокисиз ва фақат солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотлар асосида амалга оширилади.
2024 йил 1 январдан Ўзбекистон солиқ органлари тадбиркорлик субъектларини 5 йил эмас, балки охирги 3 йил давомидаги фаолияти юзасидан текшириши мумкин. Бу солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларда назарда тутилган.
Солиқ кодексининг 88-моддаси 2-қисмига киритилган ўзгартиришга кўра, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати 5 йилдан 3 йилга қисқартилган, яъни солиқ ёки бошқа ваколатли орган солиқ даври тугаганидан ёки агар солиқ мажбуриятининг юзага келиши муайян воқеа ёки ҳаракат билан боғлиқ бўлса, шу воқеа ёки ҳаракат содир бўлган пайтдан эътиборан фақат 3 йилгача бўлган муддат давомида солиқ текшируви ўтказиши мумкин.
Buxgalter.uz`нинг қайд этишича, солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари учун солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати қисқариши, хусусан, қуйидагиларни англатади:
- Энди улар солиқ ҳисоботларини ва солиқларни ҳисоблаш ҳамда тўлаш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни 5 йил эмас, балки 3 йил давомида сақлаши керак.
- Энди ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ёки қайтариш учун аризани ушбу сумма тўланган кундан бошлаб 3 йил ичида бериш мумкин.
- Ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобдан чиқариш ёки қайтариш тўғрисидаги ариза солиқнинг ортиқча ундирилгани факти уларга маълум бўлган кундан бошлаб ёхуд суд қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб 3 йил ичида берилиши мумкин.
- Трансферт нархи шаклланиши бўйича солиқ назорати доирасида назорат қилинадиган битимлар сифатида текширув ўтказиш бўйича қарор қабул қилинишидан 3 йилгача олдин муддатда тузилган битимлар ҳисобга олинади. Текшириш ўтказиш тўғрисидаги қарор эса солиқ тўловчининг назорат қилинадиган операциялар тўғрисида хабарнома олган кунидан бошлаб 3 йилдан кечиктирмай қабул қилиниши мумкин.
- Агар солиқ ҳуқуқбузарлиги содир этилган кундан бошлаб ёки у содир этилган солиқ даври тугаганидан кейинги кундан бошлаб жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор қабул қилингунгача 3 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса, жавобгарликка тортилмайди.
Шунингдек,1 январдан камерал текширув ўтказиш тартиби ҳам ўзгарди. Эндиликда солиқ органларига бундай текширишни ўтказиш вақтида солиқ тўловчининг ҳудудига кириши, унинг ҳудуди ва биноларини кўздан кечириши, солиқ тўловчини чақириши ва ундан ҳужжатларни талаб қилиши, шунингдек, солиқ тўловчидан ҳужжатлар ва ҳар қандай нарсаларни олиб қўйиши тақиқланади. Камерал текширув солиқ органининг ўзи томонидан солиқ тўловчи иштирокисиз ва фақат солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотлар асосида амалга оширилади. Ушбу чекловлар ҚҚС миқдорини қоплаш (қайтариш) бўйича камерал текширувга татбиқ этилмайди.