Шавкат Мирзиёев Жиззахда ишга туширилган саноат корхоналарини бориб кўрди
«Жиззах» эркин иқтисодий зонасида яна 14 лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 5 таси 2023 йилда ишга туширилади.
Шавкат Мирзиёев «Жиззах» эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 27 та лойиҳа амалга оширилиб, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратилган. Охирги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилиб, бизнесга қулайлик кенгайтирилди. Ҳозир бу ерда кўп турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар қаторига 2022 йил октябрда Iruskon қандолат корхонаси қўшилди.
Давлат раҳбари унинг иш жараёнини, маҳсулотларини кўздан кечирди. Корхонада Россия, Туркия, Германия ва Италия тажрибаси асосида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қуввати 12 минг тонна. 100 га яқин киши иш билан таъминланган. Келгуси йил иккинчи босқич учун Германия ва Туркиядан яна 5 миллион долларлик ускуналар олиб келиш режалаштирилган. Бунинг натижасида яна 550 нафар янги иш ўрни яратилади.