Самарқандда Air Samarkand авиакомпаниясининг илк самолёти кутиб олинди
Яқин кунларда компания паркини иккинчи — ўрта масофали Airbus А321 самолётини билан тўлдиради ва йил охирига қадар 5 тагача самолётни қабул қилиб, фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда.
2 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17:30да янги Air Samarkand маҳаллий авиакомпаниясининг биринчи самолёти Самарқанд халқаро аэропортига келиб қўнди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Бортида 277 та эконом ва 36 та бизнес-класс ўриндиқларига эга Airbus А330−300 самолёти анъанавий тарзда сув аркаси билан кутиб олинган.
Компания ўз авиапаркини кенгайтириш ниятида, хусусан, яқин кунларда самолётлар парки иккинчи — ўрта масофали Airbus А321 билан тўлдирилади. 2023 йил охирига қадар компания 5 тагача самолётни қабул қилиб, фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда.
Куз-қиш мавсумида авиаташувчи Самарқанддан қатор хорижий йўналишларга, жумладан, Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Туркия ва Хитой шаҳарларига мунтазам ва чартер рейсларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.